Мисрнинг нуфузли “Al-Ahram” газетасида Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли цивилизациясида тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижодий иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова билан ўтказилган интервью асосида тайёрланган. Нашрда мамлакатимизда кечаётган улкан юксалиш, ижодий салоҳият ва маданий дипломатиянинг ўрни атрофлича таҳлил қилинган.
Қайд этилишича, асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг марказида бўлиб келган Ўзбекистон бугун араб дунёси, хусусан, Миср билан муносабатларда янги саҳифа очмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев маданият, туризм ва ижодий иқтисодиётни мамлакат ривожланиш стратегиясининг бош устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб бергани ушбу соҳадаги давлат ислоҳотларининг бош ҳаракатлантирувчи кучи бўлди.
Мақола муаллифи давлатимиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар фақатгина тарихий обидаларни таъмирлаш билан чекланиб қолмасдан, замонавий жаҳон ҳамжамияти билан фаол мулоқот қила оладиган янги маданий платформаларни яратишга қаратилганига эътибор қаратади. Бунга мисол сифатида Бухоро биенналеси, Тошкент замонавий санъат маркази, Жадидлар мероси музейи ҳамда “Samarkand Express” ҳашаматли сайёҳлик поезди лойиҳаси келтирилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Осака ЭКСПО-2025” бутунжаҳон кўргазмасидаги “Билимлар боғи” деб номланган миллий павильони нуфузли “Red Dot: Best of the Best” мукофотига сазовор бўлгани юртимиз маданий салоҳиятининг халқаро эътирофидир.
Нашрда Бухоро, Самарқанд ва Хива сингари тарихий шаҳарларнинг ислом цивилизацияси, илм-фан ва меъморчилик марказлари сифатидаги мақомини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берилган. Франциянинг машҳур “Wilmotte & Associés” архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган Бухоро шаҳрини ривожлантириш бош режаси ҳамда машҳур япон архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида 2028 йилда очилиши кутилаётган Ўзбекистон Миллий музейи бунинг яққол исботидир.
Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги маданий муштараклик ҳам мақоланинг марказий мавзуларидан биридир. Ўзбекистон делегациясининг Буюк Миср музейига ташрифи ва икки давлатнинг музей иши, маданий меросни сақлаш ҳамда туризм соҳасидаги мулоқотлари янги институционал ҳамкорликка замин яратмоқда. Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида профессор Халед Эл-Энанининг ташкилот Бош директори этиб сайланиши ҳам икки қадимий цивилизация ўртасидаги яқинликнинг рамзи сифатида қайд этилган.
Интервьюда Ўзбекистоннинг маданий келажаги кўп жиҳатдан ёш авлод ва ижодий иқтисодиёт ривожи билан боғлиқлиги таъкидланган. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва “Uzbekistan Creative Park” лойиҳасининг йўлга қўйилиши дизайнерлар, архитекторлар ва рақамли инновация вакиллари учун кенг имтиёзлар тизимини яратди. Хивада ўтказилган “Creative Algorithms” Марказий Осиё–Италия ёшлар форуми эса маҳаллий ижодкорларнинг халқаро тажрибани ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақола якунида Гаянэ Умерова араб дунёси жамоатчилиги ва хорижлик меҳмонларни Ўзбекистоннинг бой маданияти ва тарихи билан экран ёки китоблар орқали эмас, балки шахсан ташриф буюриб танишишга чорлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қатарнинг “Al Jazeera” нашрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорум ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, халқаро медиафорумда иштирок этган Муҳаммад Аъморийнинг таъкидлашича, яқинда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази медиафорум иштирокчиларида катта таассурот қолдирган.
Марказда Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда буюк алломалар мероси ўрин олган. Музейда қарийб 8 мингта тарихий ашё ва экспонат сақланиши, улар орқали Мовароуннаҳр халқларининг қадимги даврлардан бошлаб илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси намойиш этилган.
Мақолада ёзилишича, музей экспозициялари асосан тўрт муҳим тарихий даврни қамраб олишига эътибор қаратилган. Булар – исломдан олдинги давр, Мовароуннаҳрдаги биринчи уйғониш даври, Темурийлар даври ва Ислом цивилизациясига оид қимматли Қуръон қўлёзмалари намойиш этилган залдир.
Ушбу мажмуада Усмон Мусҳафига алоҳида ўрин берилган. Шу билан бирга, музейда қадимги шаҳарлар, Буюк Ипак йўли, ҳаж анъаналари, Каъба ва унинг муқаддас ёдгорликлари билан боғлиқ экспонатлар ҳам тақдим қилинган.
Материалда Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган буюк алломалар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби тарихий шахсларнинг илм-фан, дин, маданият, санъат ва давлатчилик ривожига қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати