Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти Уйчи туманидаги "Девонабобо" жоме масжиди имом-хатиби Абдуфаттоҳ домла Мусахановнинг волидаи меҳрибонларининг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Абдуфаттоҳ домла Мусахановга ҳамдардлик билдиради.
Жаноза бугун, 14 июль куни шом намозидан сўнг Уйчи туманидаги "Машҳад мозор" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи, БААнинг “HEDAYAH” халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва X-Media жамоаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг дин ва жамоат етакчилари учун махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Бошқа жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидан 25 нафар иштирокчи қатнашган мазкур тренинг замонавий медиа технологиялари, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга бағишланди.
Семинар давомида назариядан амалиётга ўтган иштирокчилар видео контент яратиш, сценарий ёзиш, фактларни текшириш, рақамли платформаларда аудиторияни жалб этиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди.
Бу каби семинар-тренинглар замонавий медиа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамият билан мулоқотни янада самарали, мазмунли ва ишончли йўлга қўйишда жуда фойдали экани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати