Аввал хабар берганимиздек, шу йил 30 июндан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Жумладан, хорижлик фуқароларни олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига қабул қилиш ҳам амалга оширилмоқда. Айни пайтда хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида жорий этилган.
Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
– маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси;
– соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
– миллий паспорт (амалдаги визаси билан);
– 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– фуқаролиги бўлган мамлакатнинг муфтийси (Агар ўша юртда бундай лавозим бўлмаган тақдирда дин ишлари бўйича тегишли давлат бошқаруви органи) томонидан берилган тавсиянома (ёки йўлланма).
Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган ижодий суҳбат (имтиҳон) натижаларига кўра ўқишга қабул қилинади.
Мазкур имтиҳон хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тузилган Махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, диний таълим муассасаларига 2026 йил 20 июлгача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати