Мисрнинг энг йирик кундалик “Al-Ahram” газетасида Миср Бош муфтийси катта маслаҳатчиси Иброҳим Нажмнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форумидаги иштирокига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида ўтказилган ушбу форум у кутганидан-да юксак савияда ташкил этилган. Олим, айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази унда унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлаган.
Мақолада муаллиф марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, минг йиллик Қуръон нусхалари ва замонавий экспозиция технологияларидан ҳайратланганини ёзган. Унинг фикрича, бу масканда ўтмиш ва тарих шунчаки намойиш этилмаган, балки ҳар бир экспонат замонавий шаклда қайта “жонлантирилган”.
Иброҳим Нажм Ҳарвард университетидаги талабалик йилларини эслаб, “Цивилизациялар тўқнашуви” назарияси ҳақида фикр юритган. Бу назарияда Ислом Ғарб учун асосий рақиб сифатида талқин этилган бўлса-да, муаллиф унинг илмий асосларига доимо шубҳа билан қараганини қайд этади. Унинг айтишича, Ислом цивилизацияси ҳеч қачон ҳаракатсиз бўлмаган ёки тараққиётдан ортда қолмаган.
Ўзбекистонга ташрифи давомида Иброҳим Нажм бу ердаги тарихий ва замонавий обидаларни, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Ҳаким ат-Термизий мақбараси ва ислом оламини улуғловчи бошқа масканларни кўздан кечириб, ислом цивилизацияси ва унинг маънавий-илмий мероси тобора ривожланиб, янги тараққиёт босқичига қадам қўяётганини эътироф этган.
Муаллиф Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган Усмон мусҳафи нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом оламининг энг қимматли ёзма меросларидан бири экани, Қуръон матнининг илк даврларда сақланиш тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланишини таъкидлаган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати