Ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Диний идоранинг “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан ўқув курслари ўқитувчилари ҳамда масъул ходимлари учун силсилавий онлайн дарслар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Бугун, 16 июль куни навбатдаги масофавий дарс машғулоти бўлиб ўтди. «Zoom» платформаси орқали ташкил этилган ушбу дарсда бўлим бошлиғи Шайх Али Файзуллоҳ Махдум “Қуръони карим шафоати” китоби асосида илмий-маърифий маъруза қилди.
Эътиборли жиҳати, мазкур силсилавий дарсларда фаол иштирок этган ва дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган тингловчиларга келгусида ушбу китоб бўйича махсус ижоза (рухсатнома) берилиши режалаштирилган.
Бу каби тизимли дарслар диёримизда муқаддас Қуръон илмларини кенг ёйиш ҳамда устоз ва мураббийларнинг касбий маҳоратини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати