Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мусулмон оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган энг йирик илмий-фиқҳий ташкилот – Халқаро ислом фиқҳи академиясига аъзо бўлдилар.
Бу ҳақда мазкур академия бош котиби профессор Қутб Мустафо Санодан табрик мактуби олинди.
Бу қувончли воқеа Янги Ўзбекистонда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро даражадаги юксак эътирофи бўлиб, Муфтий ҳазратларининг дин ривожи, уммат саодати ва халқлар ҳамжиҳатлиги йўлидаги хизматларига берилган юқори баҳодир.
Ушбу халқаро академия Муфтий ҳазратлари аъзо бўлган саккизинчи халқаро ташкилот бўлиб, бундан аввал Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши (2021 й.), Абу Даби тинчлик форуми (БАА, 2023 й.), Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар, 2023 й.), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА, 2024 й.), Исломий фиқҳ академияси (Саудия Арабистони, 2024 й.), Ислом олами уюшмаси (Саудия Арабистони, 2024 й.) ва Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд номидаги Ҳадиси шариф академияси (Саудия Арабистони, 2026 й.) аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Халқаро ислом фиқҳи академияси (арабча: مجمع الفقه الإسلامي الدولي, инглизча: International Islamic Fiqh Academy - IIFA) — ислом оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган халқаро илмий-фиқҳий ташкилот ҳисобланади.
Академия Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ - OIC) ҳузуридаги олий илмий орган ҳисобланади. У 1981 йилда Макка шаҳрида ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган. Мазкур академияга профессор Қутб Мустафо Сано раҳбарлик қилади. Унинг асосий мақсадлари замонавий масалаларга фатво бериш, баёнотлар эълон қилиш, маънавий меросни асраш, тадқиқ этиш, Ислом уммати бирлигини таъминлаш ва мўътадилликни тарғиб этиш кабилардир.
Ташкилотга аъзо бўлган 57 та давлатнинг энг кўзга кўринган олимлари, фақиҳлари ва муфтийлари академия аъзоси бўлади. Академия мунтазам равишда халқаро анжуманлар ва йиғилишлар ўтказади. Ҳар бир долзарб масала юзасидан дунё уламоларининг маърузалари, илмий тадқиқотлари ва хулосалари тингланади. Қабул қилинган қарорлар тўплами мусулмон дунёсидаги ишончли манбалардан бири саналади.
Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро ислом фиқҳи академиясидаги фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати