Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Умра+Зиёрат туризми” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий экспозицияси намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Лутфи Кирдар конгресс-кўргазма марказида ташкил этилган нуфузли тадбирда 400 дан ортиқ хорижий компания ҳамда Туркия туризм соҳасининг қарийб 1,5 минг нафар вакили иштирок этди.
Умра туризми ташкилотлари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлари, муқаддас қадамжолари, бой тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Экспозицияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларининг туризм имкониятлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар, машҳур зиёратгоҳлар ҳамда сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар кенг ёритилди.
Кўргазма доирасида миллий анъаналар, ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари, меҳмондўстлик маданияти ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Туркия, Яқин Шарқ давлатлари ва бошқа мамлакатлардан келган туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона бизнеси ва зиёрат туризми соҳаси вакиллари билан B2B форматида икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Суҳбатлар давомида Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатимизнинг Марказий Осиёда зиёрат туризмининг етакчи йўналишларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Американинг нуфузли “National Geographic” журналининг электрон ва босма шаклларида Буюк Ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материал муаллифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида ҳикоя қилиб, уларни қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик йўналишлари сифатида талқин этган.
Мақолада Ўзбекистондаги туризм ривожи, хорижлик сайёҳлар сонининг ортиши, янги объектлар қурилиши ҳамда шаҳарлар ўртасида тезюрар темирйўл қатновининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкентнинг Чорсу бозори Ипак йўли савдо анъаналари бугунгача сақланиб қолган маскан, Самарқанд эса Регистон майдони ва қадимий Улуғбек расадхонаси билан илм-фан ҳамда ислом маданиятининг тарихий маркази сифатида таърифланади.
Нашрда Бухоро фаол туристик ўзгаришлар жараёнини бошдан кечираётган шаҳар сифатида кўрсатилган бўлса, Хива ўтмиш руҳияти айниқса кучли сезиладиган жой дея таъкидланган.
Шунингдек, Ипак йўли меъморчилиги услубида барпо этилаётган янги сайёҳлик лойиҳаларига эътибор қаратилиб, тарихий муҳитни асраб қолиш юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳам тилга олинган.
Умуман олганда, материалда Ўзбекистон ўз тарихий меросини асраган ҳолда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириб, дунёга қайта юз очаётган мамлакат сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати