Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Сентябр, 2026   |   26 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:35
Қуёш
05:56
Пешин
12:21
Аср
16:52
Шом
18:49
Хуфтон
20:06
Bismillah
08 Сентябр, 2026, 26 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Озодалик кўнгилдан бошланади: Қорақалпоғистонда ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда

19.07.2026   34700   1 min.
Озодалик кўнгилдан бошланади: Қорақалпоғистонда ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда

Жорий йилнинг 16 июль куни Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида июль ойи юртимизда «Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги» деб эълон қилинган эди. Ушбу эзгу ташаббус доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли хайрли ишлар бошлаб юборилди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги барча масжидлар ва диний соҳа ходимлари ушбу ташаббусга лаббай деб жавоб берган ҳолда, ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик кўрсатмоқдалар.

Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик намунаси

Масжидлар ходимлари ва кўнгилли намозхонлар нафақат зиёратгоҳлар ва масжидлар атрофини, балки маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли хонадонларини тартибга келтиришда жонбозлик кўрсатишмоқда. Айниқса, кўмакка муҳтож, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ватандошларимизнинг уй-жойлари, ҳовлилари ва атрофларини ободонлаштириб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани айни меҳр-саховат намунасидир.

Поклик — имон жавҳаридир

Ислом дини поклик ва озодаликка жуда катта эътибор беради. Сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Поклик имоннинг ярмидир», деб марҳамат қилганлар. Мусулмон киши нафақат ўз танаси ва кийимини, балки яшаб турган уйини, маҳалласини ва атроф-муҳитни ҳам доимо озода сақлаши лозим. Зеро, гўзал ахлоқ ва тозалик нафақат соғлом турмуш гарови, балки руҳий хотиржамлик манбаи ҳамдир.

Кўнгилларни қувонтирган манзара

«Озодалик кўнгилдан бошланади», дейди доно халқимиз. Бугун Қорақалпоғистон диёрларида олиб борилаётган бундай хайрли амаллар нафақат атроф-муҳитнинг кўркига кўрк қўшмоқда, балки инсонлар қалбида маҳалладошлик, биродарлик ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.

Хайрли ишлар, ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари Қорақалпоғистон бўйлаб тизимли равишда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Матбуот хизмати

Озодалик кўнгилдан бошланади: Қорақалпоғистонда ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда Озодалик кўнгилдан бошланади: Қорақалпоғистонда ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда Озодалик кўнгилдан бошланади: Қорақалпоғистонда ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Академияда янги ўқув йили бошланди

08.09.2026   973   2 min.
Академияда янги ўқув йили бошланди

Талабалик инсон ҳаётининг олтин даври ҳисобланади. Талабалик ва ёшлик чексиз имкониятлар, улкан мақсадлар сари олиб борувчи, завқ-шавққа тўлган энг гўзал палласидир. Ҳар бир фасл сингари, ҳар бир даврнинг ҳам ўз фазилати ва хислати бор.

Айни пайтда юртимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Академия профессор-ўқитувчилари, талабалар, ота-оналар, Академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Матбуот хизмати хабарига кўра, маросим Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланди. Мадҳия садоларидан сўнг Академия биринчи проректори Ҳабибулло Садибақосев сўзга чиқиб, йиғилганларга ректор Музаффар Комиловнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Академия проректори сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Ёшларни олий таълимга қамровини ошириб бориш, замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида изчил сиёсат олиб борилаётгани, бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси нафақат юртимиз, балки минтақамиздаги энг нуфузли ва шарафли ўқув муассасаси ҳисобланишини қайд этди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида жамият ривожига ҳиссасини қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади.

Бугунги кунда Академияда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар, Мумтоз шарқ филологияси ҳамда Исломшунослик факультетлари, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA”, “Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ”, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси каби 10 та кафедра фаолият олиб бормоқда.

Тадбир давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, “Имом Бухорий” ордени соҳиби Зоҳиджон Исломов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этишди.

Шунингдек, маросимда талабаларнинг ота-оналари сўз олди. Талабалар томонидан Академия мадҳияси ижро этилди. Тадбир якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов сўз олиб, барчага янги ўқув йили хайрли келишини сўраб, дуо қилди.

Тантанали маросим аудиториялардаги “Мустақиллик дарслари” билан давом этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари