Туркиядаги “The Voice of Travel” журналида Ўзбекистондаги туризм ва сайёҳлик йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Туркия Сайёҳлик агентликлари уюшмаси (TÜRSAB) нашрида ёритилган мақолада юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий шаҳарлари, миллий урф-одат ва анъаналари ҳамда бетакрор гастрономик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Ушбу журнал Туркия туризм индустрияси иштирокчилари, меҳмонхоналар ва авиакомпаниялар учун энг муҳим ахборот манбаларидан бири ҳисобланади.
Нашр бугунги кунда Ўзбекистонда замонавий туристик инфратузилма жадал ривожланаётганига алоҳида урғу берган. Хусусан, халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиб бораётгани, меҳмонхона ва сервис хизматлари сифатининг тубдан оширилаётгани хорижлик, айниқса, турк сайёҳлари учун жуда катта қулайликлар яратмоқда.
Мамлакатимизда маданий ва экотуризм билан бир қаторда зиёрат туризми йўналиши алоҳида ўрин тутиши қайд этилган.
Ушбу мақоланинг Туркиянинг етакчи ихтисослашган нашрида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро туристик имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ватанимизнинг бой туризм салоҳиятини йирик туристик агентликлар ўртасида кенг тарғиб қилинишига замин яратиб, ўзаро сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кенгайтиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати