Саудия Арабистонининг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ва унда илгари сурилган ташаббусларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Al-Watan” газетасида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми шунчаки анъанавий илмий учрашув эмас, балки ислом маданиятининг тикланишига хизмат қилувчи кенг кўламли тарихий лойиҳа сифатида кенг ёритилган. Материалда Ўзбекистон ислом оламининг энг муҳим тарихий бешикларидан бири сифатида эътироф этилган.
“UNA” ахборот агентлиги Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий йўналишда илгари сурилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтган.
Хусусан, мамлакатда бой маънавий-маданий меросни қайта тиклаш ва ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилган. Форум доирасида Самарқандда қабул қилинган декларация ва унинг асосида таклиф этилган янги илмий ташаббуслар ҳадисшунослик ва ислом ғояларини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Саудия ОАВда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилган. Ушбу марказ мамлакатнинг ислом маданияти, илм-фани ва маънавий меросини ўрганиш, сақлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилувчи замонавий илмий-маърифий муассаса экани қайд этилган.
Марказ экспозицияларида Ўзбекистон ҳудудида етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар, қадимий Қуръон нусхалари, археологик топилмалар, тарихий ҳужжатлар, санъат асарлари ҳамда интерактив мультимедиа намойишлари ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати