Ўзбекистон делегацияси Парижда Ислом цивилизацияси маркази тақдимотига тайёргарлик кўриш жараёнида қатор учрашувларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ушбу учрашувлар Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Тақдимотнинг ўтказилиши Ўзбекистон Президенти ташаббуси бўлиб, халқаро ҳамжамиятни мамлакатнинг илмий ва маданий мероси, шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар билан таништиришга қаратилган.
ЮНЕСКО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда халқаро конференция ва кўргазмалар концепцияси тақдим этилди.
ЮНЕСКО Ижро этувчи аппарати раҳбари Мариаграция Сквиччарини Ўзбекистон етакчисининг ушбу ташаббусини эътироф этиб, унинг халқлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши айтди.
ЮНЕСКОнинг “Ипак йўллари” дастури раҳбари Меҳрдад Шабаханг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий алоқаларни ривожлантиришдаги роли ҳақида тўхталиб, бу борада конференция ва кўргазмани тайёрлаш учун дастур материалларини тақдим этишини қайд этди.
ИҲТнинг ЮНЕСКОдаги вакили Салима Делибей диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини юқори баҳолаб, ўтказиладиган тадбирларни доим қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
ICESCOнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий кузатувчиси Сомия Жакта Ўзбекистоннинг илмий ва маданий меросининг халқаро ҳамжамият учун аҳамиятини таъкидлаб, ташкилот конференция ва кўргазмани тайёрлашда иштирок этишини таъкидлади.
Учрашувлар якунида ЮНЕСКО, ИҲТ ва ICESCO вакиллари Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашини ҳамда юқори халқаро даражадаги тадбирларни ўтказишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи, БААнинг “HEDAYAH” халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва X-Media жамоаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг дин ва жамоат етакчилари учун махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Бошқа жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидан 25 нафар иштирокчи қатнашган мазкур тренинг замонавий медиа технологиялари, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга бағишланди.
Семинар давомида назариядан амалиётга ўтган иштирокчилар видео контент яратиш, сценарий ёзиш, фактларни текшириш, рақамли платформаларда аудиторияни жалб этиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди.
Бу каби семинар-тренинглар замонавий медиа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамият билан мулоқотни янада самарали, мазмунли ва ишончли йўлга қўйишда жуда фойдали экани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати