Бангкок шаҳридаги “International Trade & Exhibition Centre” (BITEC) мажмуасида Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик ҳалол маҳсулотлар, хизматлар ва инновациялар намойишига бағишланган “Grand Halal Bangkok-2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўргазмада дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидан келган озиқ-овқат, косметика, фармацевтика ва мусулмонлар кийим-кечаклари ишлаб чиқарувчилари, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, савдо тармоқлари, инвесторлар, импорт қилувчилар, дистрибьюторлар, ҳалол логистика ҳамда ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш билан шуғулланувчи жами 600 га яқин компаниялар маҳсулот ва хизматларини тақдим этди. Расмий манбаларнинг маълумотларига кўра, уч кунлик тадбирга 15 мингга яқин киши ташриф буюрган.
Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, кўргазма майдонида юртимиз экспонатлари учун махсус павильон ажратилишини таъминладилар. Павильонга ташриф буюрган меҳмонларга республикамизнинг туризм ва зиёрат салоҳиятини кенг тарғиб этувчи тарқатма материаллар тақдим этилди.
Ташриф буюрувчиларда, айниқса, Сурхондарё вилоятида сақланиб қолган буддизм ёдгорликлари, жумладан, қадимий Кушон империяси даврида кенг ривожланган буддавийлик ибодатхоналари, роҳиблар ҳужралари ва будда ҳайкалларининг тарихи ҳамда ҳозирги ҳолатига доир маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Павильонда ушбу тарихий обидалар акс этган махсус баннерлар намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида ўзбек халқининг буюк сиймолари — Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Имом ал-Бухорийнинг дунё тарихидаги ўрни ҳамда башарият цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ёритувчи видеороликлар намойиш этилди. Тошкент шаҳрида янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги махсус видеолавҳалар ҳам йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.
Кўргазма давомида хорижлик меҳмонлар ўзбек халқининг бой миллий маданияти, қадриятлари ва урф-одатларини ўзида акс эттирган бетакрор миллий либослар намуналари билан ҳам яқиндан таништирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати