Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.
Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:
Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.
“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.
Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.
Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.
Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.
Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.
Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.
Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.
“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати