Марказий банк ҳузурида юртимизда исломий молия соҳасини тизимли ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Исломий молия кенгаши ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Мазкур янги тузилма исломий хизматлар кўрсатувчи банклар ва микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назоратидаги бошқа муассасалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал (жамоавий) орган сифатида иш олиб боради.
Эътиборли жиҳати, Кенгаш таркиби ислом ҳуқуқи соҳасида чуқур билим ва бой тажрибага эга бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари ҳамда техник экспертдан иборат 5 нафар аъзони қамраб олган. Бу эса мамлакатимизда исломий молия хизматларини халқаро талаблар ва шаръий қоидалар асосида ривожлантириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун муқобил молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан 2022 йили ташкил этилган Диний идора қошидаги Фатво маркази нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲ давлатлари орасида ҳам мақоми жиҳатидан ягона марказ саналади.
Бугунги кунда марказда Муфтий ҳазрат бошчилигида 20 нафар етук уламо еттита асосий илмий ва амалий йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, Марказ ҳузуридаги диний савол-жавобларга ихтисослашган Колл-марказ ва медиа тармоқлари орқали мўмин-мусулмонларнинг мурожаатларига мунтазам ва тезкор жавоб қайтариб келинмоқда.
Қайд этиш жоизки, марказ нафақат юртимиз фуқаролари, балки хорижда меҳнат қилаётган ёки таҳсил олаётган ватандошларимиз билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатган. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб чет элдаги юртдошларимизнинг диний-маърифий ва молиявий саволларига ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри жавоб бериш тизими йўлга қўйилди.
Кунига ўртача 1000 дан ортиқ мурожаатни қабул қилаётган Фатво маркази ўтган фаолият даврида бир миллиондан ортиқ саволга шаръий ва асосли жавобларни тақдим этди. Шунингдек, 3 жилддан иборат “Фатволар тўплами”, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими”, “Эътиқодга оид зарур масалалар” каби долзарб мавзулардаги 10 дан зиёд китоб нашр этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоларининг Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгашида иштирок этиши эса юртимизда тадбиркорлик ва молия тизимининг ривожида янги даврни бошлаб беради, иншо Аллоҳ.
Аллоҳ таоло юртимизда исломий молия соҳасидаги янги ислоҳотларни бардавом ва хайрли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати