“Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–275-сон, 24.07.2026 й.) қабул қилинди, хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.
Қарорга кўра, жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.
Термиз шаҳрида 2026 йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.
2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири 2026 йил ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори асосида юқори савияда ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати