Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзиянинг Ислом молияси бўйича шариат маслаҳатчилари ассоциацияси (ASAS) томонидан ташкил этилган “Исломий банк дарчаси” мавзусидаги ўқув-амалий дастурида иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Дастурнинг илк битирувчиларига халқаро сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев давлат раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда ислом молиясини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, элчи жорий йилда соҳани тартибга солувчи махсус қонун қабул қилингани ислом молиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасининг учта устувор йўналиши алоҳида таъкидланди. Биринчидан, бу – қўшалоқ банк тизими бўлиб, унда анъанавий ва исломий банклар ягона регулятор назорати остида параллел фаолият юритади.
Иккинчидан, марказлашган шариат назорати тизими орқали банклар томонидан ўзаро зид фатволар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Учинчидан, “Исломий дарча” модели тижорат банкларида янги инфратузилмани тез ва самарали шакллантириш имконини беради.
Малайзиянинг йирик исломий банкларидан бири – “Maybank Islamic Berhad” бош директори ўринбосари Моҳд Рамазон Фитри Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
У Ўзбекистон банк тизими вакилларига исломий дарчаларни ташкил этиш, зарур молиявий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аудит жараёнларини йўлга қўйишда амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, ASAS бош ижрочи директори Мохтар Абдулла мазкур ўқув дастури давомида ўзбекистонлик мутахассислар ислом молияси инструментлари, шариат бошқаруви ва исломий дарчалар фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирганини таъкидлади.
Тадбир якунида бундай ўқув дастурлари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда шариат тамойилларига асосланган замонавий банк хизматларини самарали жорий этиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати