Хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг диний савол-жавобларга бўлган эҳтиёжларини енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан масофавий мурожаат хизмати янада такомиллаштирилди.
Эндиликда мусофирдаги ватандошларимиз учун махсус @fatvouz_musofir_bot телеграм боти ишга туширилди!
Саволингизни ёзинг — бот бой фатволар базасидан сизни қизиқтирган саволга зудлик билан жавоб топиб беради.
Агар базадан керакли жавоб топилмаса, саволингизни уламоларга ёзма равишда юбориб, тез ва муфассал жавоб олишингиз мумкин.
Зарурат туғилганда, Фатво маркази мутахассислари билан бевосита қўнғироқ орқали боғланиш имконияти мавжуд.
Мусофир юртдошларимиз учун ишончли диний манба:
Дўстларингиз ва яқинларингизга ҳам улашинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати