Ислом дини инсонни илм-маърифатга, тафаккур қилишга ва ақл-заковатни тўғри йўлда қўллашга чорлайди.
Аллоҳ таоло одамзодни бошқа мавжудотлардан ақл неъмати билан улуғлаб, унга ҳақиқатни англаш, тафаккур қилиш имкониятини ато этган.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноиблари ўртасида «Заковат» аренасида «Заковат» ўйини ўтказилди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов очиб бердилар.
Тошкент шаҳрининг 12 та туманидан диний соҳа ходимлари 12 та жамоа бўлиб иштирок этди.
Ҳакамларнинг хулосаларига кўра:
1-ўринга Мирзо Улуғбек жамоаси муносиб кўрилди.
2-ўрин Шайхонтоҳур тумани жамоасига насиб этди.
3-ўринни эса Олмазор тумани вакиллари қўлга киритишди.
Ғолиблар ва ташкилотчиларга диплом ва эсдалик соғалари топширилди.
«Заковат» ўйинини машҳур бошловчи Абдурасул Абдуллаев олиб борди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати