Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ажиб бир самимий ва илиқ муҳит ҳукм сурди. Диний идорада Муфтий ҳазратларининг қабулига кириш учун юртимизнинг турли гўшаларидан 100 га яқин ҳамюртимиз жам бўлди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳар бир фуқарони шахсан қабул қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тингладилар.
Қабул давомида масжид ва мадрасалар ҳолати, имомлар фаолияти, диний таълим, ҳаж зиёрати, оилавий тотувлик ва моддий кўмак каби кўплаб масалаларга шаръий ва ҳаётий амалий ечимлар тақдим этилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар юзасидан келганларга муаммолар ечими бўйича фойдали маслаҳатлар, шаръий масалалар бўйича манзилли тавсиялар берилди ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Халқнинг дардини енгиллатиш ва кўнгилларга сурур бағишлаш – икки дунё саодатига элтувчи амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадиси шарифлари ҳам бунга ёрқин далилдир:
«...Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан биргаликда турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам бердилар.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан манзилли ишлаш, элнинг оғирини енгил қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан фуқаролар қабули мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати