Бугун, 3 августь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Кибержиноятчилик: замонавий жамиятнинг янги таҳдиди” мавзусида онлайн йиғилиш ўтказилди.
Унда Диний идора Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳотамов сўзлаб, иштирокчилар эътиборини бугунги кунда долзарб муаммога айланиб бораётган кибержиноятлар кўламига қаратди.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Тошкентда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортган. Фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган бўлса-да, уларни фош этиш 8 фоизга ҳам етмаган.
Ушбу жиноятларга кескин барҳам бериш ва олдини олиш учун 2026 йил 10 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди. Фармон асосида Ўзбекистон Республикасининг 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик стратегияси қабул қилинди.
Юқоридаги каби салбий холатларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда Диний идора бош юристи Алишер Агзамов Кибержиноятчиликнинг пайдо бўлиш тарихи, асосий турлари, кибержиноятга дуч келган киши нима қилиши кераклиги, киберхавфсизликнинг оддий қоидалари ҳақида тушунчалар бериб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати