Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Август, 2026   |   4 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:06
Қуёш
05:34
Пешин
12:27
Аср
17:18
Шом
19:24
Хуфтон
20:47
Bismillah
17 Август, 2026, 4 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Уйга киришда бажариладиган 4 амал

04.08.2026   16312   1 min.
Уйга киришда бажариладиган 4 амал

1. “Бисмиллаҳ” ни айтиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди» (Имом Бухорий ривояти).

2. Кириш дуосини айтиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Киши уйига кирганда:

“Аллоҳумма, инний асалука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъала Аллоҳи Роббинаа таваккалнаа”

“Аллоҳим, Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик, десин ва аҳлига салом берсин» (Имом Абу Довуд ривояти).

3. Уйдагиларга салом бериш.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)” (Нур сураси, 61-оят).

4. Оғизни мисвок билан тозалаш.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок ишлатардилар” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   21316   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ