Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати