Греция пойтахти Aфинадаги Ислом санъати музейи мамлакатдаги энг муҳим музейлардан биридир. Ушбу музейда Юнонистонда ислом пайдо бўлишидан то Усмонлилар давригача бўлган ислом цивилизациясининг ривожланиш тарихини ёритиб берувчи кўплаб тарихий экспонатлар намойиш этилмоқда.
Булар қаторида 100 йил аввал Искандарияда яшаган юнон муҳожири Aнтониус Бенаки томонидан жамланган исломий асарлар тўплами ҳам ўрин олган. Тўпламда еттинчи асрдан то ўнинчи асргача бўлган экспонатлар мавжуд.
Шунингдек, музейда кўплаб тарихий ашёлар намойиш этилмоқда. Хусусан, ислом санъати ва маданиятини акс эттирувчи қадимий буюмлар, нақшлар, қўлёзмалар, металл ва шиша буюмлар, сопол буюмлар, тилла буюмлар, қалқонлар, уруш асбоблари, тилла тақинчоқлар ҳамда катта маҳорат билан ишланган жарроҳлик асбоблари ҳам бор.
Айни кунда мазкур музейга ташриф буюрувчиларнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати