Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.
WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.
“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.
Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.
АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати