Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими Ҳикматуллоҳ домла Абиевга падари бузрукворининг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айласин, жаннати Фирдавсдан жой ато қилсин, раҳматига олсин.
Марҳумнинг аҳли байти ва яқинларига гўзал сабр, сабрларига ажрлар ато этсин. Мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
«Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз У Зотга қайтамиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати