Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида АҚШда фаолият юритаётган "VATAN Global Alliance" ташкилоти раҳбари Озод Солиев бошчилигидаги делегация билан самимий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Учрашув давомида АҚШдаги юртдошларимизга доимий руҳий-маънавий кўмак бериш ва уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, хусусан, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, хорижий тилларда эркин маъруза қила оладиган малакали ёш кадрларни тайёрлаш яхши натижа бериши қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати