Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Иордания пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбир Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг Иорданиядаги фахрий консули Лауй Абуғазалий кўмагида ташкил этилди.
Байрам тантанасида дипломатик корпус, Иорданиянинг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли ишбилармонлар, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва замонавий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар натижалари билан таништирилди.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, туризмни ривожлантириш, бой тарихий-маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сайёҳлик ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган туризм имкониятлари, қадимий шаҳарлар ва маданий обидалар билан танишиш имконига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 июнь куни Ўзбекистоннинг қароргоҳи Ар-Риёд шаҳрида бўлган Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турғунов Қирол Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати