Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Ўткир домла Ғузаров педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.
Тадқиқотчи Ўткир Умбарович Ғузаров Қарши давлат университети ҳузуридаги Илмий кенгашда 13.00.01 – "Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи" ихтисослиги бўйича "Педагогик жараёнда Бурҳониддин ан-Насафийнинг дидактик ғояларини тизимлаштириш механизмлари" ("Гўзал хулқлар" асари мисолида) мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Ушбу илмий натижа таълим муассасаси жамоаси учун катта қувонч бўлиб, диний таълим тизимида илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш ва аждодларимиз бой маънавий меросини замонавий педагогикага татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ўткир домла Ғузаровни қўлга киритилган илмий даража билан самимий қутлаб, илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига барака, келгуси илмий-педагогик фаолиятига улкан зафарлар тилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати