Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   39149   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда

26.08.2026   21603   1 min.
Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.   

Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.

Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.

Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.

Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.

Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда Имомлар БААда замонавий услуб ва илғор тажрибаларни ўрганмоқда
Ўзбекистон янгиликлари