Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Янги ўқув йили арафасида вилоятдаги имом-хатиб ва имом ноиблари томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига ўқув қуроллари олиб берилмоқда.
Бу эзгу ташаббус болажонларга қувонч улашиш билан бирга, уларнинг янги ўқув йилини муносиб кутиб олишига кўмаклашмоқда.
Меҳр-оқибат ва саховат — халқимизга хос эзгу қадриятлар!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқаролар мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.
Юзма-юз мулоқот жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби очиқ мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати