Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси томонидан “Ўзбекистон–Индонезия” туризм форуми доирасида тўғридан-тўғри G2B ва B2B форматида бизнес-музокаралар ҳамда миллий маданий-гастрономик тақдимот тадбирлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Индонезия Жануби-Шарқий Осиёдаги йирик иқтисодиёт ва 285 миллиондан зиёд аҳолиси билан дунёдаги энг кўп мусулмон аҳоли истиқомат қилувчи давлат ҳисобланади.
Бу ерда аҳолининг 87 фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Мамлакат халқаро зиёрат туризми бозорида мутлақ етакчилардан бири бўлиб, ҳар йили 1,8 миллион нафардан ортиқ индонезиялик Саудия Арабистонига Умра сафарини амалга оширади.
Шу билан бирга, Индонезия фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим амал қилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатимизга ташриф буюрган индонезиялик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63,4 фоизга ошди.
Форумда Индонезиянинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарияти, миллий туризм уюшмалари раҳбарлари, туроператорлар ва авиакомпаниялар, ишбилармон доиралар ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Хусусан, Индонезия Туризм вазири ўринбосари Ни Маде Аю Мартини ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазирнинг махсус вакили Муҳаммад Ҳасан Афанди қатнашди.
Ни Маде Аю Мартини Ўзбекистоннинг туризмни иқтисодиётнинг стратегик драйверига айлантириш борасидаги ислоҳотлари, жорий этилган визасиз режим, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар ва сайёҳлар алмашинувини кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Муҳаммад Ҳасан Афанди Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси бешиги сифатидаги ноёб мақомини қайд этиб, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий ва етти авлиё номи билан боғлиқ зиёратгоҳларнинг Индонезия мусулмонлари учун аҳамиятини таъкидлади. У Индонезия Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан “Umrah Plus Uzbekistan” дастури қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Тадбирда Индонезиянинг етакчи сайёҳлик уюшмалари — “ASITA”, “AMPHURI”, “ASTINDO”, “ASTAGATRA RI”, “ASPHURINDO”, “KBB Haji” раҳбарлари, Ўзбекистондан эса Туризм қўмитаси делегацияси, олтита йирик туроператор раҳбарлари, “Qanot Sharq” авиакомпанияси ва “Шодлик” давлат ашула ва рақс ансамбли вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва туризм инфратузилмаси, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Тошкентдаги зиёратгоҳлар, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуасидаги Усмон мусҳафи, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, ҳалол овқатланиш стандартлари, намозхоналар мавжудлиги ва “Афросиёб” тезюрар поездининг имкониятлари тақдим этилди.
Олтита ўзбекистонлик туроператор индонезиялик ҳамкорларга экспресс-транзит турларидан тортиб, Хоразм ва Хива бўйлаб классик зиёрат йўналишлари ва дастурларигача бўлган тайёр турпакетларни тақдим этди. “Qanot Sharq” авиакомпанияси Жакарта, Тошкент ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри чартер ва мунтазам рейсларни ташкил этиш имкониятлари хусусида тўхталиб ўтди.
Учрашувларда ўзаро стратегик ҳамкорлик, ўзбекистонлик туроператор ва “AMPHURI” уюшмаси ўртасида зиёрат туризми соҳасида шериклик ҳамда “Umrah Plus Uzbekistan” дастурини илгари суриш бўйича меморандум, “ASTAGATRA RI” ва “ASITA” уюшмалари билан келишувлар имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистоннинг меҳмонхона фондини улгуржи нархларда кафолатли банд қилиш, “Афросиёб” поездига чипталар квотаси ва индонезиялик зиёратчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.
G2B ва B2B форматидаги музокаралар якунларига кўра, 2026 йил куз-қиш ва 2027 йил баҳор мавсумларида 12,5 мингдан ортиқ индонезиялик сайёҳ ва зиёратчиларни Ўзбекистонга юбориш, йирик туроператорлар билан чартер рейслари учун блок жойларини сотиб олиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Тадбирда маданий-гастрономик дастур — “Шодлик” давлат ашула ва рақс ансамблининг чиқиши, “Ипак йўли наволари” мусиқий увертюраси, “Лазги” рақси, Тошкентдан таклиф этилган ошпаз томонидан тайёрланган ўзбек миллий палови индонезияликларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати