Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқаролар мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.
Юзма-юз мулоқот жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби очиқ мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили арафасида Сирдарё тумани "Бахт" жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон домла Ғоибов ташаббуси билан саховатпеша ҳомийлар кўмагида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида ҳудуддаги "Тинчлик", "Зиёкор" ва "Тадбиркор" маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 20 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб ўқув қуроллари жамланмалари ҳамда байрам совғалари топширилиб, уларнинг кўнгли шод этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати