Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти вакиллигида мухтасиб вазифасида кўп йиллар фидокорона фаолият юритиб, вилоятдаги масжидлар ва зиёратгоҳлар ободлигига, диний-маърифий ишлар ривожига улкан ҳисса қўшган ходим Абдувоҳид Мажитовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.
Абдувоҳид Мажитов умрининг охирги кунларига қадар Термиз шаҳридаги "Султон Саодат" мажмуасида диний ходим сифатида элга хизмат қилиб келди.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амаллари, дин йўлидаги хайрли хизматларини ҳусни қабул айлаб, охиратини обод, жаннатдаги даражаларини юксак қилсин. Барча яқинлари ва оила аъзоларига гўзал сабр, ажру мукофотлар ато этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати