Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2026   |   14 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:54
Қуёш
06:13
Пешин
12:15
Аср
16:28
Шом
18:20
Хуфтон
19:34
Bismillah
25 Сентябр, 2026, 14 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Улар асалари мисолидир

24.09.2026   7706   2 min.
Улар асалари мисолидир

Юртимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишлар қилинмоқда. Хусусан, ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Зеро, жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз-мураббийларни ҳар доим ҳурматлашимиз зиммамиздаги бурчлардан.

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Бир киши Румийнинг олдига таъма билан келиб: "Шаҳримизда Шамс Табризийни кўрдим", деди. Мавлоно устози ҳақидаги хабардан суюниб, эгнидаги хирқасини ҳалиги кишининг елкасига ёпди. Буни кўрганлар хабар берувчининг ёлғончи эканига шаҳодат беришди. Мавлоно уларга деди: "Мен хирқамни унинг ёлғонига бердим. Агар хабари чин бўлса, жонимни берардим".

Бир устоз бундай ҳикоя қилади: Магистратура талабаларидан бири маъруза охирида менга: «Доктор, дарсдаги маърузангизни эшитган пайтимизда уни тушунамиз ва кейинги дарсингизни интизорлик билан кутамиз. Лекин уйга қайтиб, дарсликларни ўқисак, сиз маъруза қилган пайтдагидек руҳиятни топмаймиз» деди. Мен унга: «Асалари асални нимадан олади?» дедим. У: «Гуллар ширасидан», деди. Мен: «Агар сен ўша гулларнинг бирортасидан есанг, таъми қандай бўлади?» дедим. У: «Аччиқ бўлади», деди. Шунда мен дедим: «Устознинг вазифаси ҳам шунга ўхшайди. Устозлар “аччиқ гуллар”дан ширин ва фойдали “асал” чиқариб, талабалари олдига қўйишади», дедим.

Дарҳақиқат, устоз ва мураббийларнинг мақомлари ана шундай улуғ саналади. Улар умматга, миллатга асалари мисоли хизмат қилади. Шундай экан, уларни ҳаққи ила эҳтиром қилишда Парвардигори олам барчамизни собит қилсин.

Барча устозларга яқинлашиб келаётган касб байрамлари муборак бўлсин!

 

Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Устозга эҳтиром — эзгу анъана

25.09.2026   4458   1 min.
Устозга эҳтиром — эзгу анъана

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.

Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари