Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
24-25 октябрь кунлари вилоятимиз бўйлаб имон-эътиқод, ҳамжиҳатлик ва эзгулик тимсоли бўлган умумхалқ ҳашари ташкил этилди. Ушбу хайрли тадбир доирасида воҳамиздаги масжид ҳамда қабристонлар ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.
Ҳашарда диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва маҳаллий аҳоли, айниқса, нуронийлар ҳамда ёшлар фаол ва уюшқоқлик билан иштирок этишди.
Ободонлаштириш жараёнида Зиёратгоҳлар ва қабристонлар атрофида тозалаш ишлари олиб борилиб, хазонлар, маиший чиқиндилар ҳамда бегона ўтлардан тозаланди, масжидлар ҳудуди атрофлари обод қилинди, яшил ҳудудлар барпо этиш мақсадида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди, мавжуд дарахтларга шакл берилиб, оқланди.
Халқимизда қабристон ва зиёратгоҳларни обод тутиш, уларни тоза-озода сақлаш аждодлар хотирасига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром белгиси саналади. Ушбу ҳашарда ҳамжиҳатлик ва аҳиллик руҳида меҳнат қилган воҳадошларимиз яна бир бор ўзларининг меҳмондўст ва ободончиликка хос инсоний фазилатларини намоён этишди.
Бу каби умумхалқ тадбирлари нафақат ҳудудлар тоза ва озодалигини таъминлашга, балки жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ᴏ‘ᴢʙᴇᴋɪsᴛᴏɴ ᴍᴜsᴜʟᴍᴏɴʟᴀʀɪ ɪᴅᴏʀᴀsɪ sᴜʀxᴏɴᴅᴀʀʏᴏ ᴠɪʟᴏʏᴀᴛɪ ᴠᴀᴋɪʟʟɪɢɪ ᴍᴀᴛʙᴜᴏᴛ xɪᴢᴍᴀᴛɪ