Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасаси Ахборот-ресурс маркази ходимлари Тўрахон Музрабов “Мир Араб” мадрасасига ҳамда Зарина Мўминова “Жўйбори Калон” аёл қизлар мадрасаларининг Ахборот-ресурс маркази фондида бўлишди.
Мир Араб мадрасаси АРМ бўлими раҳбари Мусо Саитов ҳамда “Жўйбори Калон” аёл қизлар мадрасаси АРМ бўлими бош мутахассиси Гулшан Шомуротовалар Олий мадраса ходимларига ўз таълим муассасаси кутубхоналарида яратиб берилган шарт-шароитлар, янги адабиётлар билан бойитилиб борилётгани ҳамда бўлимда олиб борилаётган ҳужжат ишларини таништириб ўтдилар.
Сўнгра Олий мадраса ва икки таълим муассасаси АРМ ходимлари кутубхоналар фаолиятини ўзаро тажриба ва амалий ҳамкорлик асосида ривожлантиришга, талабалар ушбу кутубхоналарда мавжуд адабиётлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ишларини амалга ошириш тўғрисида келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати