Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Ўзбекистонда илк бор исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Регулятор бошқарувининг 2026 йил 23 октябрдаги 28/1-сонли қарорига мувофиқ, Open bank акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия берилган.
Мазкур лицензия “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини қамраб олади.
Марказий банк фуқаролардан банк хизматларидан фойдаланишдан аввал молия муассасасининг тегишли лицензияга эга эканини регуляторнинг расмий веб-сайти орқали текширишни сўради.
Аввалроқ Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини ташкил этиш ва лицензиялаш тартиби белгиланганди. 2026 йил 20 июлдан кучга кирган ҳужжат билан янги исломий банклар ташкил этиш ҳамда анъанавий банкларда “исломий дарчалар” очиш учун ҳуқуқий асослар яратилган.
Унга кўра, исломий банк фаолиятини юритувчи ташкилотларда камида уч нафар аъзодан иборат исломий молия кенгаши, тегишли малакага эга раҳбар ходим ҳамда исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати бўлиши талаб этилади.