Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 17–18 октябрь кунлари Бағдод шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессиясида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, можароларни ҳал этиш, терроризмга қарши курашиш ва Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Баҳромжон Аълоев нутқида ислом дунёсининг мулоқоти ва бирдамлигини мустаҳкамлаш, можароларни фақат сиёсий-дипломатик воситалар, мулоқот ва музокаралар орқали тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг Фаластин масаласи бўйича принципиал позициясини баён қилди ҳамда Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши ва унинг минтақавий интеграциясига кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.
Маърифий исломни тарғиб қилиш, илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашда Марказий Осиё тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сессия доирасида ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати