2025–2026-ўқув йилида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини жами 454 нафар иқтидорли ёш тамомлади. Улар сафида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк магистратураси битирувчилари – 10 нафар магистр ҳам бор.
Ҳозирда битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш жараёни давом этмоқда. Унга кўра, ёш мутахассисларнинг дастлабки 145 нафари қуйидаги йўналишларда расман фаолият бошлади:
▫️3 нафари — Ўзбекистон мусулмонлари идораси Марказий аппаратида;
▫️1 нафари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигида;
▫️13 нафари — масжид имом-хатиби;
▫️118 нафари — масжид имом ноиби;
▫️10 нафари — диний таълим муассасаларида педагог-ўқитувчи.
Илмий босқични давом эттираётганлар:
Яна 112 нафар ёш таълимнинг кейинги босқичига қабул қилинган: 44 нафари магистратурада, ўрта махсус билим юртини тугатган 68 нафар йигит-қиз эса олий диний таълимнинг бакалавриат босқичида таҳсил олмоқда.
Янги тайинланган мутахассислар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидаги масжидларда ҳамда диний таълим даргоҳларида маҳаллий жамоатларга таништирилиб, фаолият бошлади.
Аллоҳ таоло динимиз ва халқимиз хизматига бел боғлаган ёш мутахассисларимизнинг фаолиятларини хайрли ва бардавом қилсин. Толиби илмларимизнинг эришаётган ютуқларини юртимиз маърифати ва равнақига хизмат қилишини насиб айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуръони каримда истиғфор айтишга амр қилинган: “Ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўра” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким мўмин ва мўминалар учун истиғфор айтса, Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин ва мўмина (ададича) унга яхшилик ёзади” (Имом Табароний ривояти).
Ҳадиси шариф барча мусулмонлар учун истиғфор айтиш буюк фазилат экани, уни бажарган кишига Аллоҳ таоло бу оламда яшаб ўтган жамики мўмин ва мўминалар сонича яхшилик (савоб) ёзиши хабар қилинмоқда. Бу эса ҳисобсиз ажрга эришиш учун ажойиб имконият.
Қуйидагича истиғфор айтиш матлубдир:
“Аллоҳуммағфир лил муъминийна вал муъминат, ал-аҳйаи минҳум вал амваат”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, ҳаёт бўлган ва оламдан ўтган мўмин ва мўминаларни мағфират қил”.
Раҳмат сўраб дуо қилиш:
“Аллоҳуммарҳамил муъминийна вал муъминат”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, мўмин ва мўминаларга Ўзинг раҳм қил”.
Юлдуз КОМИЛОВА,
таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws