Инсоният тарихининг қайси бир даврига назар ташламайлик, миллатнинг мавжудлиги, унинг ўзига хослиги ва маънавий қиёфасини белгиловчи энг бош омил бу — унинг тили эканига гувоҳ бўламиз. Тил шунчаки алоқа воситаси эмас, балки халқнинг маданияти, дунёқараши, ўтмиши ва келажагини ўзида мужассам этган жонли хазинадир. Ўзбек тили асрлар давомида турли мураккаб синовларни, ижтимоий-сиёсий тўфонларни бошидан кечириб, бугунги кунда мустақил давлатимизнинг расмий байроғи, мадҳияси ва герби каби муқаддас рамзларидан бирига айланди.
1989-йил 21-октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатимиз тарихида миллий мустақилликка эришиш йўлидаги энг улкан ва дадил қадамлардан бири бўлган эди. Мазкур сана жамиятимиз ҳаётида ҳар йили нафақат расмий байрам, балки ўзликни англаш, аждодлар меросига эҳтиром кўрсатиш ва келажак пойдеворини мустаҳкамлаш куни сифатида кенг нишонланади. “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси каби диний-маърифий масканлар зиммасига ҳам бугунги кунда давлат тилининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг илмий салоҳиятини ошириш борасида муҳим вазифалар юкланган.
Ислом дини инсониятга ато этилган барча неъматларга алоҳида масъулият билан ёндашишни буюради. Ер юзида турли миллат ва элатларнинг мавжудлиги, уларнинг ўзаро фарқли тилларда сўзлашиши тасодиф ёки оддий ижтимоий ҳодиса эмас, балки тўғридан-тўғри Яратганнинг ҳикмати ва Унинг улуғворлигига далолат қилувчи оят-белгидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Рум сураси 22-оятида шундай дейди: “Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир”.
Ушбу илоҳий каломдан маълум бўладики, тилларнинг хилма-хиллиги инсоният томонидан сунъий равишда яратилган эмас, балки коинотнинг яралиши каби юксак низом ва илоҳий ирода маҳсулидир. Демак, ҳар бир халқ ўз она тилини сақлаши, уни асраб-авайлаши ва ривожлантириши Яратганнинг бу буюк неъматига шукрона келтиришнинг бир кўринишидир. Зеро, ҳар бир лисон ўзида муайян бир қавмнинг асрий тажрибаси ва маданий бойлигини омонат сифатида сақлайди.
Каломнинг гўзаллиги ва тилнинг софлиги инсоннинг ички маънавий дунёсини, унинг иймоний комиллигини кўрсатувчи муҳим мезондир. Ислом дини ҳар бир мўминни ўз тилидан фақат яхшилик, маърифат ва чиройли сўзларни чиқаришга тарғиб қилади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапни гапирсин ёки сукут сақласин”.
Ушбу ҳадис инсоннинг сўзлашув маданиятини унинг эътиқоди билан узвий боғламоқда. Яхши сўз, гўзал нутқ ва лисоний мукаммаллик жамиятда фитна ва бузғунчиликнинг олдини олади. Тилдан ўринли фойдаланиш, адабий тил меъёрларига риоя қилиш ва сўзларни аслига мувофиқ ишлатиш ҳам ўз навбатида мулоқот маданиятининг олий намунасидир.
Бугунги ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланиш тарихи Мовароуннаҳр заминидаги буюк илмий-маданий юксалишлар билан чамбарчас боғлиқдир. Маълумки, ўрта асрларда ушбу минтақада араб ва форс тиллари илм-фан ҳамда шеърият тили сифатида кенг қўлланган бўлса-да, туркий халқларнинг ўз тили ҳам чуқур ижтимоий-маданий асосга эга эди.
Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари туркий тилнинг бойлиги, лексик имкониятлари ва араб тилидан қолишмаслигини исботлаш йўлидаги илк улкан илмий қадам эди. Кейинчалик, Темурийлар ренессанси даврида ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Муҳокаматул-луғатайн” (Икки тил муҳокамаси) асари орқали туркий тилнинг нақадар жозибадор, бой ва чуқур маъноларни ифодалашга қодир лисон эканини илмий асосда мукаммал исботлаб берди. Навоий бобомиз ўз она тилида бетакрор шоҳ асарлар яратиб, уни жаҳон адабиёти даражасига кўтарди. Демак, бугунги давлат тилимиз — шунчаки оддий сўзлашув тили эмас, балки буюк мутафаккирлар, фақиҳлар ва алломаларнинг илмий ва ижодий меҳнати синган юксак меросдир.
Ҳар қандай мустақил давлатнинг ўзига хос суверенитет белгилари бўлади. Тил — давлатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий мустақиллигини таъминловчи энг бош қуролдир. Давлат тили жамиятдаги барча миллат ва элатларни ягона давлат тузилмаси ва умумий мақсадлар атрофида бирлаштирувчи воситадир. Конституциямизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилганлиги мамлакатимизда қонун устуворлиги ва миллий манфаатларнинг ҳимоясидир.
Жамият ҳаётида, давлат бошқарувида, расмий иш юритишда, халқаро алоқаларда ўзбек тилининг кенг қўлланиши миллий ғуруримизни юксалтиради. Шу боис, ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат идораларида фаолият юритаётган масъул шахслар адабий тил меъёрларига қатъий риоя қилишлари шарт. Давлат тилининг мавқейини ошириш — миллий мустақилликни мустаҳкамлаш билан баробардир.
Бугунги кунда жаҳон глобаллашуви шароитида тилимиз ўзининг соф жозибасини йўқотмаслиги учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор талаб қилинмоқда. Жамиятимиз ҳаётида лисоний маданият билан боғлиқ айрим камчиликлар кўзга ташланмоқда. Кўчалардаги реклама баннерлари, дўконлар номланиши, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги имло хатолари, чет тилидан кириб келаётган ва тилимизда муқобили бор сўзларнинг ўринсиз қўлланиши ачинарли ҳолдир.
“Тилга эътибор — элга эътибор” деган шиор шунчаки баландпарвоз гап эмас. Ким ўз миллатининг тилини ҳурмат қилмаса, у ўз элини, миллий қадриятларини ҳам ҳурмат қилмаган бўлади. Давлат тилини тоза сақлаш, ёшлар онгига сохта ва сунъий сўзларни киритмаслик — бугунги кун зиёлилари, педагоглари ва айниқса, диний уламоларнинг асосий вазифаларидан биридир. Биз ёш авлодга она тилида тўғри ва равон гапиришни, уни қадрлашни ўргатишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили — халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи энг гўзал ва мустаҳкам маънавий кўприкдир. Уни асраш, бойитиш ва жамият ҳаётидаги мавқейини юксалтириш ҳар бир ватандошимизнинг, хусусан, илм аҳлининг муқаддас бурчидир. 21-октябр — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан барчамиз она тилимиз софлиги учун масъул эканлигимизни чуқур ҳис этмоғимиз лозим.
Тилимиз яшаса — миллатимиз яшайди, давлатимиз барқарор бўлади. Она тилимизнинг нуфузи ва гўзаллиги ҳеч қачон сўнмасин, у келажак авлодларга муносиб омонат сифатида соф ва бой шаклда етказилса, аждодларимиз руҳи шод, келажагимиз эса буюк бўлади.
Шаҳзод Эшбоев,
“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Жадидлар авлодлари учрашуви» умуммиллий илмий-маърифий йиғини бўлиб ўтди. Унда жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари авлодлари, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар ва зиёлилар иштирок этиб, миллий уйғониш даврининг мураккаб саҳифалари, маърифатпарвар аждодларимизнинг фидойилиги ва улардан қолган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашувда оилавий хотираларни илмий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш, тарихий ҳужжатларни сақлаш ва жадидлар ғояларини замонавий авлодга етказишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Марказ ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман миллий тарихимизни чуқур ўрганиш, жадидчилик ҳаракати намояндалари хотирасини эъзозлаш ва уларнинг авлодлари билан илмий жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Жадидчилик ҳаракати XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда миллий уйғониш, таълимни янгилаш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, миллий матбуот ва театрни шакллантириш орқали жамиятни тараққиёт сари етаклашга интилган маърифатпарварлар ҳаракати сифатида тарихда алоҳида ўрин эгаллайди. Уларнинг фаолияти халқни замонавий билимлар билан қуроллантириш, миллий ўзликни англаш ва жамиятнинг келажаги учун масъулиятни кучайтиришга қаратилган эди.
Бугун жадидлар меросини ўрганиш фақат ўтмиш воқеаларини тиклаш эмас, балки уларнинг ғояларини замонавий тараққиёт жараёнлари билан боғлаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва ёш авлодни илм-маърифат руҳида тарбиялаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жадидлар орзу қилган тараққиёт ғоялари бугунги ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда
Йиғинни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё жадидчилик ҳаракатининг миллий тарихимиздаги ўрни, маърифатпарвар аждодларимизнинг жасорати ва уларнинг халқ келажаги йўлидаги фидойилиги ҳақида сўз юритди.
Академик таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази аждодларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросни намоён этадиган, миллий тарих ва маърифатни улуғлайдиган маскандир. Нотиқ жадидларнинг орзу-интилишлари ўз давридаги сиёсий ва ижтимоий шароитлар туфайли тўлиқ амалга ошмаганини қайд этиб, бугунги даврда уларнинг ҳаёти ва фаолиятини холис ўрганиш, илмий меросини тиклаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш учун янги имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
«XIX асрнинг сўнгги, XX асрнинг бошларида, Россия империясининг мустамлакачилик сиёсати Туркистон заминида авж олган бир шароитда, юртимизда ўз миллати, халқи ва Ватани тақдири учун жавобгарликни ҳис этган, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, ўзини эл-юрт манфаати йўлида фидо қилишга тайёр бўлган зиёлилар авлоди шаклланди. Агар ана шундай инсонлар жамиятда кўпчиликни ташкил этганида эди, халқимизнинг тарихий тақдири ва тараққиёт йўли, эҳтимол, бутунлай бошқача кечган бўларди. Биз бугун айнан шу фидойи инсонлар бошлаб берган жадидчилик ҳаракати ҳақида сўз юритмоқдамиз.
Бугун Янги Ўзбекистонда кечаётган, кўзимиз ўнгида содир бўлаётган тарихий ўзгаришлар жадидларимизнинг орзулари, интилишлари ва ғояларини қайта англаш имконини бермоқда. Энг асосийси, бугун улар билан фахрланиш, уларнинг номларини эъзозлаш, қолдирган меросини чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш даври келди. Биз жадид боболаримизнинг миллат равнақи, илм-маърифат ва тараққиёт йўлидаги хизматларини қанчалик чуқур англасак, бугунги кунимизнинг тарихий аҳамиятини ҳам шунчалик теран ҳис этамиз», — деди академик.
Унинг фикрича, жадидлар авлодларининг бир давра атрофида жам бўлиши ҳам алоҳида маънавий аҳамиятга эга. Чунки авлодлар хотирасида сақланиб келаётган воқеалар, ҳикоялар ва шахсий маълумотлар тарихий тадқиқотларни янги далиллар билан бойитиши мумкин.
«Жадидлар бизга ўз орзуларини омонат қолдиришди»
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз кириш нутқида жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари, уларнинг аянчли тақдири ва бугунги авлод зиммасидаги тарихий масъулият ҳақида тўхталди.
У Марказнинг асосий вазифаларидан бири аждодлар меросини асраб-авайлаш, уни замонавий билимлар ва илмий изланишлар билан уйғунлаштириш ҳамда ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашдан иборат эканини таъкидлади.
«Президентимиз ташаббуси билан бугун ушбу авлодлар учрашувини ташкил этдик. Асосий мақсадимиз жадид боболаримизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, шу билан бирга, жадидлар авлодлари ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлашдан иборат.
Аждодларимиз асрлар давомида тўплаган хазинани бизга мерос қолдиришди. Уни ўз билимларимиз ва кашфиётларимиз билан бойитиб, жадид боболаримиз бошлаган маърифат ишини муносиб давом эттирайлик. Улар бизга ўз орзуларини омонат қолдиришди, биз эса келажак авлодларга шу орзуларни рўёбга чиқариб қолдиришга қодирмиз», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Фирдавс Абдухолиқов бугун жадидлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси ҳам илм, маърифат ва бағрикенгликни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Жадидчилик — миллий тараққиёт ва маърифатга элтувчи ҳаракат
Тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Жамолова жадидчилик ҳаракатининг тарихий илдизлари, миллий тараққиётдаги ўрни ва унинг замиридаги маърифий ғояларга эътибор қаратди.
Олиманинг таъкидлашича, жадидчилик ҳаракати Турон заминида асрлар давомида шаклланган илмий-маърифий анъаналар ва жамиятни тараққий эттиришга бўлган интилишлар негизида вужудга келган. Жадидларнинг олдинги уйғониш даврларидан фарқли жиҳати шунда эдики, улар кучли сиёсий таянчга эга бўлмаган шароитда ўзлари бирлашиб, миллий давлатчиликни тиклаш, халқнинг билим савиясини юксалтириш ва жамиятни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқишга ҳаракат қилдилар.
«Жадидчилик миллий ҳаракати қуруқ ерда пайдо бўлган ҳаракат эмас. Қадимдан тараққиёт маскани бўлган Турон заминидаги аввалги уйғониш даврларида шаклланган илмий-маърифий анъаналар жадидлар фаолияти учун муҳим замин бўлди. Бироқ уларнинг олдинги уйғониш даврларидан фарқи шунда эдики, жадидларни қўллаб-қувватлайдиган ҳукмдорлар ёки кучли сиёсий таянч мавжуд эмас эди. Улар ўзлари бирлашиб, миллий давлатчиликни тиклаш, Туроннинг илгариги тараққиётини қайта юксалтириш ва халқни маърифатли қилиш учун ҳаракат қилдилар», — деди Дилноза Жамолова.
Унинг сўзларига кўра, жадидлар ўз мақсадларига эришишни, аввало, таълимни ислоҳ қилишдан бошлаганлар. Ёшларни янги усулда ўқитиш, уларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик маблағларини жалб этиш, миллий матбуот ва театрни ривожлантириш орқали жамиятда туб ўзгаришлар ясашга интилганлар.
Олима жадидлар меросини тадқиқ этишда уларнинг диний билимлари, маърифатпарварлик қарашлари ва жамият тараққиётига оид ғояларини биргаликда ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу ҳаракатни фақат муайян тарихий давр билан чеклаб қўймасдан, унинг таълим, маданият, иқтисодиёт, сиёсий тафаккур ва ижтимоий муносабатлар ривожига қўшган ҳиссасини ҳам кенг таҳлил қилиш лозимлигини қайд этди.
Дилноза Жамолова жадидлар авлодларини аниқлаш ва уларнинг хотираларини тўплаш борасида амалга оширилган изланишлар ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, 2023 йилда «Jadidlar.uz» платформасини яратиш ғояси муҳокама қилинган даврда жадидларнинг бир нечта авлоди ҳақида маълумот мавжуд бўлган. Кейинги изланишлар натижасида эса қарийб 150 нафар авлод аниқланиб, уларнинг хотиралари ёзиб олинган.
Бу тажриба оғзаки тарихнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этади. Оилавий хотиралар расмий ҳужжатларда акс этмаган воқеалар ва шахсий тажрибаларни ўрганиш, мавжуд маълумотларни бошқа манбалар билан таққослаш ҳамда келгуси тадқиқотлар учун янги далилларни тўплаш имконини беради.
«Жадидлар мероси Янги Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим маънавий асосдир»
Тадбирда сўзга чиққан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа жадидлар меросини бугунги тараққиёт жараёнлари билан боғлиқ ҳолда ўрганиш, уларнинг ғояларини замонавий авлодга етказиш ва тарихнинг ҳали етарлича ўрганилмаган саҳифаларини очиш муҳимлигини таъкидлади.
«Жадид боболаримиз миллатнинг маънавий уйғониши, илм-маърифат ва тараққиёт йўлида фидокорона меҳнат қилдилар. Улар халқнинг дунёқарашини кенгайтириш, илмни ривожлантириш ва Туркистоннинг салоҳиятини тиклашга интилдилар. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун бугун ҳам муҳим сабоқдир. Зеро, бугунги мустақиллик ва эркинлик ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Уларнинг ортида аждодларимизнинг орзу-интилишлари, кураши ва фидойилиги мужассам», — деди Шерзодхон Қудратхўжа.
У жадидлар меросини фақат тарихий хотира сифатида эмас, балки Янги Ўзбекистон тараққиёти, илм-фан ва маърифат ривожи учун муҳим маънавий асос сифатида ҳам ўрганиш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, учрашувда «Ёш тадқиқотчилар» билан ҳамкорликда «Жадидлар хотираси» халқаро рақамли архивини шакллантириш ташаббуси ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа доирасида жадидлар авлодлари ва оилаларида сақланаётган мактублар, фотосуратлар, қўлёзмалар ва хотираларни уларнинг эгалари розилиги ҳамда илмий текширув асосида ягона рақамли манбага жамлаш кўзда тутилган.
Бундай архив тарихимизнинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган саҳифаларини очиш, тадқиқотчилар учун ишончли манбалар базасини яратиш ва жадидлар меросини келажак авлодларга етказишга хизмат қилиши мумкин. Учрашувда тарихий маълумотларни замонавий медиа форматлари ва сунъий интеллект имкониятлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Авлодлар хотираси — тарихнинг тирик манбаси
Анжуманнинг энг муҳим жиҳатларидан бири жадидчилик ҳаракати намояндаларининг бевосита авлодлари билан юзма-юз мулоқот бўлди. Улар ўз аждодларининг ҳаёти, фаолияти, оилада сақланиб келаётган хотиралар ва тарихий воқеалар ҳақида сўзлаб, жадидлар меросига шахсий муносабатларини баён этдилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг набираси Шоҳрух Беҳбудий аждоди фаолиятини ўрганишда мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, оилада Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесасини ёзгани, газета чиқаргани ва кутубхона ташкил этгани каби маълумотлар сақланиб келган. Бироқ унинг миллий тараққиёт йўлидаги фаолияти ва ғояларининг кўлами кейинги йилларда янада чуқурроқ англанмоқда.
«Янги тарихимизда мен ўйлайманки, ҳақиқий қаҳрамонлар — бу жадидлар. Чунки улар қилган нарсалар — ўз ҳисобларидан мактаблар очиш, газеталар чиқариш, кутубхоналар ташкил қилиш, театрлар очиш — ҳар ким ҳам қила оладиган иш эмас эди. Бу ишларни қилиш учун жасорат керак эди», — деди Шоҳрух Беҳбудий.
У Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг замонавий илм-фанни эгаллаш ва халқни саводли қилишга қаратилган қарашлари бугун ҳам долзарб эканини таъкидлади. Авлодлар учун аждодларининг ҳаётини ўрганиш нафақат оилавий хотирани асраш, балки улар бошлаган маърифат ишларини давом эттиришга интилишни ҳам англатади.
Обиджон Маҳмудовнинг набираси Мақсуда Обиджонова эса бундай учрашувлар узоқ йиллар давомида етарлича тилга олинмаган тарихий шахсларнинг номларини қайта тиклаш ва уларнинг авлодлари хотираларини жамоатчиликка етказиш учун муҳим имконият яратаётганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти ва фаолиятига эътибор қаратилиши, унинг номи ва меросининг эъзозланиши авлодлар учун катта маънавий аҳамиятга эга. Мақсуда Обиджонова жадидларнинг халқни билимли қилиш, маданиятни ривожлантириш ва жамият манфаатлари йўлида хизмат қилишга қаратилган фаолияти бугунги ёшлар учун ҳам ибрат бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Жадидчилар топган пулларини фақат ўзлари еб-ичиб ўтирмаган. Бойликларини давлат, халқ ва ишларини ривожлантириш учун сарфлашган. Халқни билимли қилиш, маданиятли қилиш, шаҳарни ривожлантириш учун ҳаракат қилганлар», — деди Мақсуда Обиджонова.
У жадидлар меросини ўрганишга қаратилаётган бугунги эътибор ёш авлодни аждодлардан ўрнак олишга, билимли бўлишга ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга ундашини қайд этди.
Учрашувда, шунингдек, Саидризо Ализода, Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин, Вадуд Маҳмуд, Пўлат Солиев, Мусожон Саиджонов, Ҳасанхон Ниёзий, Марям Султонмуродова ва бошқа маърифатпарварлар авлодлари иштирокида ҳам мулоқотлар ўтказилди. Уларда оилавий архивларда сақланаётган ҳужжатлар, суратлар, китоблар ва хотираларни асраб-авайлаш, уларни илмий ўрганишга жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Авлодларнинг шахсий хотиралари жадидларнинг фаолиятига оид мавжуд тасаввурларни бойитиш, уларнинг ҳаёти ва ижодини янги қирралардан ўрганиш ҳамда тарихий маълумотларни келгуси авлодларга ишончли етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тарихий меросни асраш — келажак олдидаги масъулият
«Жадидлар авлодлари учрашуви» умуммиллий илмий-маърифий йиғини жадидчилик ҳаракатининг тарихий аҳамиятини янада чуқур англаш, оилавий хотиралар ва академик тадқиқотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тарихий манбаларни сақлаш ва уларни илмий муомалага киритиш масалаларини биргаликда муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.
Анжуман доирасида билдирилган фикрлар ва илгари сурилган ташаббуслар жадидшунослик тадқиқотларини ривожлантириш, тарихий ҳужжатларни рақамлаштириш, авлодлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва маърифатпарвар аждодлар меросини замонавий усулларда тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати