Масжидул Ҳаромда сўнгги технологиялар асосида янги аудиотизим ишга туширилди. Уни созлаш ва ўрнатиш ишларида 120 нафардан ортиқ овоз муҳандислари иштирок этди, дея хабар берди islamnews нашри.
Зиёратчиларга азон садоси ва жамоат намоз овозини етказиш учун 7000 дан ортиқ карнай ўрнатилди. Овоз тизимини мувофиқлаштириш учун Масжидул Ҳаром ҳудудида иккита пульт бошқаруви хонаси ва яна бир захира тизими мавжуд.
Мазкур техник янгиликлар Масжидул Ҳаром ва унга туташ ҳудудларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати