frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА БАСМАЛА

20.02.2023   6250   3 min.
ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА БАСМАЛА

Басмала – буبِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِдир, Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал басмала айтиши лозимдур.

Аллоҳ таоло ўз расулига шундай амр этган: “Ўқи (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббинг исми билан!” (Аълақ, 1).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аввали Аллоҳнинг исми ила бошланмаган ҳар бир иш, охири яхшилик ила тугамайдиган ишдир”, деганлар, (Имом Аҳмад ривояти).

Басмалани айтиш Аллоҳ таолонинг буйруғига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишдир.

Басмала истиъозадан кейин, оятдан аввал ўқилади. Фақатгина “Тавба” сурасининг бошида ўқилмайди. Сабаби, мусҳафларда шундай келган. Яна бир сабаби шуки, басмалада раҳмат, меҳр маъноси бор. “Тавба” сураси эса, уруш, шиддат, мушрикларга нисбатан қаттиқлик ҳақидадир. Яна бошқа бир сабаби, “Тавба” сураси ўзидан аввалги “Анфол” сурасининг давоми, яъни, бу икки сура аслида битта сура эканлиги эҳтимоли ҳам бор.

Истиоза, басмала ва суранинг бошини ўқилиши

  1. Ҳаммасини қўшиб ўқиш, яъни истиоза, басмала ва суранинг бошини бир нафасда орасини узмай, бир-бирига қўшиб ўқиш.
  2. Ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш, яъни истиозани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин басмалани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.
  3. Истиоза ва басмалани қўшиб, бир нафасда ўқиб, тўхтаб, суранинг бошини алоҳида ўқиш.
  4. Истиозани ўзини ўқиб, тўхтаб, басмала ва сура бошини бир-бирига қўшиб, бир нафасда ўқиш.

Сура охири, басмала ва кейинги суранинг бошини ўқилиши

Яъни бир сурани тамомлаб, кейинги сурага ўтмоқчи бўлганимизда, қуйидаги уч йўлдан бирини танлашимиз мумкин:

  1. Ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш. Аввалги суранинг охирги оятини ўқиб, тўхтаб, басмалани алоҳида ўқиб олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.
  2. Ҳаммасини қўшиб ўқиш. Суранинг охири, басмала ва суранинг бошини бир нафасда қўшиб ўқиш.
  3. Суранинг охирини ўқиб, тўхтаб, басмалага кейинги суранинг бошини қўшиб ўқиш.

Бунда тўртинчи кўриниш йўқ, яъни суранинг охирини басмалага қўшиб ўқиб, тўхтаб, кейинги суранинг боши ўқилмайди, чунки басмала суранинг охирги оятига ўхшаб қолади. Басмала суранинг бошида ўқиш учундир, охирида эмас.

“Анфол” сурасининг охирини ва “Тавба” сурасининг бошини ўқилиши:

  1. “Анфол” сурасининг охирини “Тавба” сурасининг бошига қўшиб, бир нафасда ўқиш.
  2. “Анфол” сурасини тугатиб, тўхтаб, “Тавба” сурасини бошлаш.
  3. Сакта қилиш. Яъни “Анфол” сурасининг охирги ояти ва “Тавба” сурасининг бошини нафас олмай, тўхтаб, сакта қилиб ўқиш.

Мулоҳаза: Биз истиоза, басмала ва сура боши ҳақида гапириб ўтдик. Агар суранинг бошидан эмас, ўртасидан ўқилмоқчи бўлинса, истиоза, басмала ва қасд қилинган оят ўқилади.

“Тавба” сурасининг ўртасидан ўқилмоқчи бўлса, истиозанинг ўзи билан кифояланиб, басмалани ўқимаган дуруст.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

25.06.2025   5857   2 min.
Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.

Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.

Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:

  1. Жамиятда фитна келтириб чиқаради – нотўғри маълумот одамлар ўртасида ишончсизлик, гумон ва бўлинишларга сабаб бўлади;
  2. Диннинг мавқейини туширади – тўғри тушунчаларни бузиб кўрсатади, эътиқод қилувчиларни адаштиради;
  3. Расмий диний муассасаларга нисбатан иғво ва ишончсизликни келтириб чиқаради – фейк хабарлар баъзан таниқли расмий диний масъуллар номидан сохта фатво ва баёнотлар сифатида тарқатилади;
  4. Жиноятга олиб боради – баъзи ҳолларда фейк хабарлар одамларни тажовузкор ҳаракатларга ундайди.

Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.

Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:

  • - Расмий ахборот манбаларига таяниш;
  • - Сарлавҳаси эмас, мазмунига эътибор бериш;
  • - Тарқатаётган шахс ёки саҳтфаларни текшириб кўриш;
  • - Мутахассисларга мурожаат қилиш.

Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.

Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

МАҚОЛА