Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

Селфи Ислом оламига қандай таъсир қилмоқда?

16.02.2023   5050   5 min.
Селфи Ислом оламига қандай таъсир қилмоқда?

Сўнгги пайтларда дунёда селфи эпидемияси кенг тарқалиб, бу севимли машғулот шу даражасига етдики, селфи олишни ўргатадиган махсус сайтлар, пойабзаллар, мактабларда эса хавфсиз суратга олиш дарслари жорий этилди.

Хўш, биз камерада ўзимизни суратга олишни исташимиз худбин бўлиб қолишимизни англатадими?

Инсонлар яқин-яқингача шахсий ҳаётини ўзгалардан яширар, бу масалада эҳтиёткорроқ муносабатда бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу манзара ўзгарди. Технологиялар ривожи инсониятнинг неча асрлар оша яшаб келган қадрияту маданиятларига ўз таъсирини ўтказди. Эндиликда кишилик жамияти нафақат ўз-ўзини ҳурмат қилишни ҳатто шахсий ҳаётнинг қадр-қимматини ҳам унутмоқда. Манманлик, худбинлик авж олиб ҳамма ўзи ҳақида бутун дунёга жар солишга тайёр. Нима қилса ҳам тезроқ машҳур бўлиш, ҳамма у ҳақида гапиришини истайди. Бу борада эса селфимания асосий қуролга айланган.

Қизиғи шундаки, селфи қанчалик гўзал бўлса, шунчалик кўп “лайк”ларни йиғади. Бу бир қараганда зарарсиз бўлиб туюлиши мумкин, лекин агар фотосурат кам лайкларни йиғса-чи? Бу кишида ўзи ҳақида салбий фикрларни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам баъзи одамлар телефон камерасидан ажралмайдилар ва Твиттер, Instagram ёки Facebookдаги издошлари учун истеъмол маҳсулоти каби яшайди. Бундай севимли машғулот аллақачон касалликка айланиб улгурган.

Бу борада тадқиқот ўтказган мутахасиссислар фикрича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва селфи ихлосмандлари руҳий касалликдан азият чекаётганларини ўзлари ҳам тушунмайдилар. Унга берилиш хулқ-атворга салбий таъсир этиши мумкинлигини тадқиқотчилар алоҳида таъкидлашмоқда.

Хўш, Ислом оламида селфига бўлган муносабат қандай?

Умра ва ҳаж зиёратига борганларнинг аксарияти зиёратдан хотира сифатида қолиш учун Каъба фонида ўзларини суратга олади. Бунда бир қараганда ҳеч қандай салбий иллат йўқдек. Аммо инсон ўзини қанчалик ишонтирмасин,  унинг оқибатларида оз бўлса-да беъманилик бор.

Мисол учун, сиз Мадинаю Маккада ибодатларни амалга ошираётганингизда ёки Аллоҳга астойдил дуо қилаётганингизда ёнингизга бир киши келиб селфи олиш билан овора бўлади. Бу сизга оғир ботиши тайин. Агар бу ишни сиз қилган бўлсангиз билингки, сиз кимларнингдир ғашига текиб, унинг ибодатига ҳалақит берган бўлишингиз мумкин.

Айниқса, Маккада Каъба атрофида тавоф амалининг ўртасида селфи олиш учун одамлар тўхтаб қолса, бу тиқилинчлик ҳосил бўлишига олиб келади ва кўплаб одамларга муаммо туғдиради. Бу ҳақда Масжидул Ҳаромда хизмат қилувчи ходимлардан бир бундай дейди:

"Кейинги йилларда зиёратчилар орасида селфига тушиш одам тусига кириб бормоқда. Бу албатта, кимлар учундир маъқул ишдир. Аммо ёнидаги кишилар озор бермаган ҳолда суратга олса зарари йўқ. Бироқ бугун айрим инсонлар жума кунлари жума намози пайтида имомни тинглаш ўрнига, ибодат қилувчиларни суратга олишни ёки селфи қилишни афзал кўради. Улар бу ҳаракати билан ўзгаларнинг ғашига тегаётганини ёки ибодатларига озор бераётганини тушунмайдилар”.

Бу борада зиёратчиларнинг ўзи нима дейди?:

 "Мен Каъбани кўриш ва умра амалини адо этишни узоқ йиллар давомида кутдим", – деди покистонлик Абдул Раҳмон Ясин. – Шунинг учун бу сафарим абадий ёдимда қолишини истайман. Селфига тушишимнинг сабаби ҳам шу. Бу менинг мобиль телефонимдаги энг яхши фотосурат бўлади."

Қувайтлик яна бир зиёратчи Холид Ал-Шимран: “Каъбанинг кўриниши ҳақиқатан ҳам ажойиб ва ҳаяжонли. Мен буни  дўстларим ва издошларим билан ижтимоий тармоқларда баҳам кўрмоқчиман.”

Зиёратчиларнинг селфига тушишининг сабаби тушунарли, лекин ҳар бир инсоннинг қалбида қолиши керак бўлган ҳаяжонли дақиқаларнинг ўзи улар учун етарли эмасми? Селфи бахт ва қувонч туйғусини етказа олмайди, у фақат юздаги ҳиссиётни акс эттириши мумкин, холос. Макка каби муқаддас жойда бебаҳо онларни шу каби ишлар  билан ўтказишга арзийдими? Ёки Каъба селфи олиш учун кўнгилочар марказга ўхшайдими? Ё селфи алоҳида дунёга чўмиб, Аллоҳга яқинлашганингизда ўша ноёб дақиқани қайта тиклашга ёрдам берадими? Бу ҳаракатимиз билан ибодатимизни риёга алмаштириб қўймаяпмизми?

Эътибор қаратсак, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига ижтимоий тармоқларнинг кириб бориши,  энг нозик дақиқаларнинг яратувчиси – Аллоҳ билан ёлғиз қолишдек муборак ибодатимизни барчага фош этиб, ибодатларимизга ҳам таъсир этмоқда.

Бугун ҳаж ва умра ибодатларини бажариш пайтида ҳар қадамда телефонидан қўрслик билан суратга тушаётган одамларни кўрасиз. Афтидан, агар улар суратга тушмасалар, ҳеч ким уларга ишонмайди.

Агар фотосуратларимиздан бирини тармоққа жойлаш биз учун ибодат қилишдан кўра муҳимроқ бўлса, қандай қилиб ҳаж ё умра қилганимиз учун мукофот олишимиз мумкин? Агар сиз Facebookдаги Каъба фонида сизнинг суратингиз остидаги "лайклар" сонини доимий равишда текшириб турсангиз, ҳаж руҳини ҳис қилиш мумкинми?

 Бир мулоҳаза қилинг, биз ибодатнинг энг қизғин лаҳзаларида фикру-хаёлимиз фақат Аллоҳ таолога қаратилган бўлса, нега селфи олиш орқали хушумизни йўқ қилишимиз керак?!

Қисқасини айтганда,  ҳар бир инсонда тан олиниш ва қадрланиш истаги бор. Аммо бунга фотосуратлар ёки селфи орқали эришилмайди. Чин мўмин учун Яратувчининг розилиги қизиқтиради, ўзгаларнинг нечта лайк босгани эмас.

Абдулла Муслимов

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хушхабар: Муфтий ҳазратлари "Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун" халқаро мукофоти билан тақдирланди

02.09.2026   9435   2 min.
Хушхабар: Муфтий ҳазратлари

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нуфузли мукофот — Имом Қарофий номидаги "Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун" халқаро мукофоти билан тақдирландилар.

Юксак мукофотни Миср Араб Республикаси бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано кабилар тантанали равишда топширдилар.

Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу эътироф Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий фатво фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги фидокорона меҳнатларининг муносиб самараси эканини алоҳида таъкидлади.

Тақдирлаш чоғида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ҳамда Муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Унда юртимиз қадимдан буюк цивилизациялар бешиги, илм-маърифат ва ислом маданиятининг муаззам маркази бўлиб келгани эътироф этилди. Шунингдек, лавҳада бугунги кунда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, нуфузли халқаро анжуманлар, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самарали фаолияти, жумладан, Фатво марказининг ишга туширилиши ва мўътадилликни тарғиб этиш борасидаги салмоқли ташаббуслари атрофлича кўрсатиб берилди.

Маълумот ўрнида, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бунга қадар ҳам  бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлганлар:

- Президентимиз фармонларига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени;

– Россия Федерацияси марказий диний идорасининг «Ал-Иътисом» («Ҳамжиҳатлик») медали;

– Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг «Ынтымак» («Бирдамлик») медали;

– «Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 30 йиллиги» юбилей медали;

– Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг «Уммат олдидаги хизматлари учун» ордени;

– Россия Федерацияси Имом Бухорий номидаги диний ташкилотининг «Ал-Илм» ордени.

«Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун» мукофоти ҳақида:

Мазкур нуфузли халқаро мукофот Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган.

Ушбу мукофот Ислом умматида мўътадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга тақдим этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари