Абул Олия раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг «...улар намозларини “унутиб” қўядилар» (Моъун сураси, 5-оят) оятининг тафсири ҳақида сўрашганда, унинг ҳузурида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бор эди. Абул Олия: “У намозида хато қилиб, унда бошқа нарсалар тўғрисида ўйлайдиган киши”, деди. Ҳасан Басрий: «Тўхта, балки бу намозини унутиб, вақтини чиқариб юборадиган кишидир. Чунки Аллоҳ таоло “намозларини” деган, “намозларида”, демаган. Агар сен айтганингдек бўлганида, “улар намозларида унутиб қўярдилар”, деган бўларди», деди.
Бу қусур фақат етарлича яқийни ва тақвоси бор кишиларнигина четлаб ўтган. Улар Аллоҳни таниган, чин севган кишилардир. Улар нафснинг бўйнини узганлар. Аллоҳнинг эшигига етиб борганлар. Эшикдан кириб, Унинг ҳузурида турганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Оқилларнинг уйқуси ва оғзи очиқ юришлари қандай яхши. Улар аҳмоқларнинг бедорлиги ва ижтиҳодига нечун ҳавас қилсинлар? Ахир тақво ва яқийн эгасининг бир зарра мисқоли Ер юзи тўла алданганлардан афзалдир”.
Аслиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْأَوَّلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الآَخرينَ وَصَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ في النَّبِيِّينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمُرْسَلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمَلَاءِ الْأَعْلَىٰ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ اَللّهُمَ أَعْطِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالْفَضيلَةَ وَ الشَّرَفَ وَ الدَّرَجَةَ الْكَبِيرَةَ
Ўқилиши: Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин фил аввалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил ахирийна ва солли ъала Муҳаммадин фин набиййийна ва солли ъала Муҳаммадин фил мурсалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил малаил аъла ила явмиддийн. Аллоҳумма аъти Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вaш шapoфa вaд дapожатал кабийрота!
Маъноси: Аллоҳим! Аввалгилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, кейингилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, набий (пайғамбар)лар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, мурсал элчи расуллар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, малаул аълода энг олий, шарафли зотлар орасида то қиёмат кунигача ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир! Аллоҳим! Ҳазрати Муҳаммадга васийла (жаннатдаги энг олий мақом), фазилат, шараф ва улуғ даража ато қил! («Ал-адъийатул-воридаҳ», 64-с).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Васийла жаннатдаги энг юксак бир мақомдирки, унга фақат бир киши эришади. Умид қиламанки, ўша киши мен бўламан».
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амрларига мувофиқ ул зотга васийла тилангани учун бу салавот ҳам жуда савоблидир.
«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан