Абул Олия раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг «...улар намозларини “унутиб” қўядилар» (Моъун сураси, 5-оят) оятининг тафсири ҳақида сўрашганда, унинг ҳузурида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бор эди. Абул Олия: “У намозида хато қилиб, унда бошқа нарсалар тўғрисида ўйлайдиган киши”, деди. Ҳасан Басрий: «Тўхта, балки бу намозини унутиб, вақтини чиқариб юборадиган кишидир. Чунки Аллоҳ таоло “намозларини” деган, “намозларида”, демаган. Агар сен айтганингдек бўлганида, “улар намозларида унутиб қўярдилар”, деган бўларди», деди.
Бу қусур фақат етарлича яқийни ва тақвоси бор кишиларнигина четлаб ўтган. Улар Аллоҳни таниган, чин севган кишилардир. Улар нафснинг бўйнини узганлар. Аллоҳнинг эшигига етиб борганлар. Эшикдан кириб, Унинг ҳузурида турганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Оқилларнинг уйқуси ва оғзи очиқ юришлари қандай яхши. Улар аҳмоқларнинг бедорлиги ва ижтиҳодига нечун ҳавас қилсинлар? Ахир тақво ва яқийн эгасининг бир зарра мисқоли Ер юзи тўла алданганлардан афзалдир”.
Аслиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.