Куни кеча Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 2023 йилнинг 23 апрелига қадар давом этадиган биринчи Ислом санъати биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Биенналеда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистоннинг бой Ислом маданиятини халқаро жамоатчиликка кенг ёритиб берувчи қадимий ўлка турмуш тарзи ва газлама матолари жилосини ўзида мужассам этган 17 та ноёб музей ашёлари тақдим этилмоқда. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати маълум қилган.
Кўргазма VIII асрга оид муборак Катта Лангар Қуръони, X-XII асрларга тааллуқли Самарқанд ва Афросиёб сопол кўза ва косалари, машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг XVII асрга мансуб «Саҳиҳул Бухорий» китоби нусхаси, Бухороча эркаклар тўнлари ва поябзаллар ҳамда бошқа буюмлардан иборат.
Ислом санъати биенналеси Дирия биеннале жамғармаси томонидан Саудия Арабистони Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.









Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати