Баъзи шахс ва жамоалар ўзларидан ислом етакчилари ясаб олишади. Улар ўз мабдаъларини, фикрларини, режаларини ва стратегияларини тузиб олиб сўнгра Қуръони каримдан ўша мабдаъларини қўллаб қувватлайдиган ҳужжат қидиришади. Улар ўзларини ислом етакчилари деб ҳисоблашади, динга эргашувчилар эмас.
Айнан ана шу иш Аллоҳга қарши боришдир. Исломни сохталаштиришдир. Ана шу касофатлар сабаб майдонда "мўътадил ислом", "радикал ислом", "сиёсий ислом", "ислом экстремизми", "ислом терроризми" каби атамалар пайдо бўлди.
Аслида ислом битта. Уни Қуръони карим ва суннати набавийя ифода этади. Ана шу асл исломни ифода этадиган Қуръони каримни ва суннати набавийяни фақатгина покизалар фаҳмлаши мумкин. Яъни, ҳавойи нафсидан покизалар, шахсий ғаразлардан покизалар...
Аллома Абул Ҳасан Надвий раҳимаҳуллоҳ ўзининг китоби муқаддимасида айтади:
"Бу китобни ёзишдан мақсадим бир ғояга асос солиб сўнгра тарихни ўша ғояга бўйсундириш эмас. Тарихни холис (беғараз) ўрганишдир".
Биз ўз қарашларимизга диндан ҳужжат-далил қидиришимиз керак эмас, балки қарашларимизни динга мослаштиришимиз лозим. Зеро динни биз эмас, аксинча дин бизни бошқаради!
Манбалар асосида таёрланди
Фазлиддин Салимов
Тақдимотда адабиёт вакиллари, тарихчи олимлар, таниқли журналистлар ҳамда зиёлилар иштирок этиб, асарнинг тарихий-маърифий аҳамияти ва миллий адабиётимиздаги ўрни хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Абу Бакр Қаффол Шоший номи Тошкентнинг кўп асрлик илмий-маърифий тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Унинг ҳаёти ва мероси халқимизнинг илм-фан, маънавият ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссасини ёдга солади. Ҳастимом мажмуаси эса бугунги кунда ҳам пойтахтимизнинг муҳим тарихий ва зиёратгоҳ масканларидан бири сифатида қадрланади.
Тақдимотда таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур китоб миллий сўз санъатимизда ўзига хос воқеа бўлганини таъкидлади. Адабиётшунос олим Сувон Мели эса Тошкент тарихига бағишланган бундай асарнинг яратилишини савобли ва хайрли иш сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, роман замирида кўплаб китобларни мутолаа қилиш, тарихий маълумотларни қиёслаш ва чуқур ўрганишдек машаққатли меҳнат ётади.
Тадбирда «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, тарихчи олим Абдуманноп Зиёев, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, адиб Тўлқин Ҳайит, тарих фанлари доктори Саидакбар Аъзамхўжаев ва бошқа зиёлилар ҳам асарнинг тарихий-маърифий аҳамияти, Тошкент ўтмишини ўрганиш ҳамда буюк аждодларимиз меросини кенг жамоатчиликка етказишдаги ўрнига эътибор қаратди.
Абдужаббор Обидов педагогика соҳасидаги фаолияти билан бир қаторда, узоқ йиллардан буён ижод билан ҳам шуғулланиб келади. Унинг «Икки жаҳон оворалари», «Чўрткесар» каби насрий асарлари, «Сени қизғонаман», «Сийрат» номли шеърий тўпламлари, шунингдек, болаларга мўлжалланган «Нозикой ва маймоқ», «Саводхон жўжа» каби китоблари нашр этилган.
Адибнинг «Ҳастимом ёхуд Абу Бакр Қаффол Шоший – II» романи 2025 йилда нашр этилган биринчи қисмнинг давоми ҳисобланади. Асарда минг йил аввалги аждодларимизнинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, жанглардаги жасорати билан бир қаторда, Абу Бакр Қаффол Шошийнинг Нишопур ва Бағдодда устозлардан ҳадис, фиқҳ ва тарих илмларини ўрганган йиллари ҳам қизиқарли тарзда тасвирланган.
Муаллиф Қаффол Шошийни ўз даврининг мураккаб воқеалари, баҳс-мунозаралари ва турли синовлари гирдобида тасвирлар экан, унинг илмий салоҳияти, ғайрати, жасорати ва топқирлигини очиб бериш орқали улуғ аллома сиймосини китобхонга яқиндан танитишга интилади.
Дарҳақиқат, тарихий роман яратиш ижодкордан нафақат юксак бадиий маҳорат, балки катта изланиш, ишончли манбалар билан ишлаш ва тарихий воқеликни теран англашни талаб этади. Бундай асарлар ўтмиш ва бугун ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтаб, ёш авлоднинг миллий тарихимизга қизиқишини ошириш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Зеро, тарихни англаш ўзликни англаш демак. Аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини бадиий адабиёт орқали авлодларга етказиш эса миллий хотирамизни асрашнинг муҳим воситаларидан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати