Мадина ҳокимлиги пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам васаллам тамал тошини қўйган илк ибодатгоҳ – Қубо масжидини кенгайтиришнинг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Мадинада Қубо масжидининг ҳозирги биноси яқинида жойлашган 200 та кўчмас мулк объектлари бузилади, деб хабар беради Saudi Gazette нашри.
Масжиднинг кенгайиши натижасида унинг умумий майдони 10 баробар оширилади ва 66 000 намозхонни сиғдира олади. Бу лойиҳага кўра, Қубо масжиди сиғимига кўра Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун Набавийдан кейин учинчи йирик масжидга айланади.
Қубо масжиди Ислом тарихида Мадинада қурилган биринчи масжиддир. У 622 йилда қурилган ва Масжидун Набавийдан 5 км узоқликда жойлашган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати