Мадина ҳокимлиги пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам васаллам тамал тошини қўйган илк ибодатгоҳ – Қубо масжидини кенгайтиришнинг биринчи босқичи бошланганини эълон қилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Мадинада Қубо масжидининг ҳозирги биноси яқинида жойлашган 200 та кўчмас мулк объектлари бузилади, деб хабар беради Saudi Gazette нашри.
Масжиднинг кенгайиши натижасида унинг умумий майдони 10 баробар оширилади ва 66 000 намозхонни сиғдира олади. Бу лойиҳага кўра, Қубо масжиди сиғимига кўра Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун Набавийдан кейин учинчи йирик масжидга айланади.
Қубо масжиди Ислом тарихида Мадинада қурилган биринчи масжиддир. У 622 йилда қурилган ва Масжидун Набавийдан 5 км узоқликда жойлашган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.
Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.
B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати