Жорий йилнинг 25-27 декабрь кунлари Шимолий Aмерикадаги энг йирик мусулмонлар форуми Канаданинг Торонто шаҳрида “Муборак учрашув” шиори остида бўлиб ўтади.
Бу йилги “Ислом руҳининг тикланиши” конференциясида Мавлоно Ториқ Жамил, Зайд Шакер, Сираж Ваҳаж, Шайх Aбдулҳаким Мурод, Шайх Ёсир Қозий, Шайх Умар Сулаймон ва Ясмин Муҳаммад, Ойша Приме каби бир қатор таниқли олим ва фаоллар иштирок этиб, долзарб мавзуларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Мазкур саммитда германиялик мусулмонлар ҳам маъруза қилиши ва бир қатор лойиҳаларни илгари суриши режалаштирилган.
Ушбу форум “Ковид-19” сабабли сўнгги икки йилда онлайн шаклда ўтказилди.
Маълумки, “Ислом руҳининг тикланиши” мавзуидаги форум илк бор йигирма йил аввал мусулмон ёшлари томонидан АҚШ даги 11-сентябрь воқеаларидан кейинги исломофобия ҳодисасига қарши курашиш ва ғайридинлар билан ўзаро ҳамкорлик кўприги ўрнатиш мақсадида ташкил этилган эди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати